Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида

688

Ўзбекистон Республикасининг ҚОНУНИ

Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида

Қонунчилик палатаси томонидан 2011 йил 4 мартда қабул қилинган

Сенат томонидан 2011 йил 25 мартда маъқулланган

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

 

Ушбу Қонуннинг мақсади ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

          ахборот-кутубхона ресурси – моддий объектда матн, овозли ёзув ёки тасвир тарзида қайд этилган ҳамда идентификациялаш, сақлаш ва фойдаланишни таъминлаш учун реквизитларга эга бўлган ахборот;

          ахборот-кутубхона фаолияти – ахборот-кутубхона муассасаларининг ахборот-коммуникация технологиялари асосида ахборот-кутубхона фондларини шакллантириш ва ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни ташкил этиш бўйича фаолияти;

ахборот-кутубхона фонди – тизимлаштирилган ахборот-кутубхона ресурсларининг мажмуи;

ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш – фойдаланувчиларнинг ахборот-кутубхона ресурсларидан фойдаланишни таъминлаш;

йиғма электрон католог – ахборот-кутубхона  муассасаларининг электрон катологлари мажмуи;

фойдаланувчи – ахборот-кутубхона хизмати кўрсатилиши учун ахборот-кутубхона муассасасида рўйхатига олинган шахс;

электрон католог – тизимлаштирилган ахборот-кутубхона ресурслари рўйхатининг электрон шакли;

электрон кутубхона – ахборот-кутубхона фондининг электрон шакли.

4-модда. Ахборот-кутубхона фаолиятининг асосий вазифалари

Ахборот-кутубхона фаолиятининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

фойдаланувчиларнинг ахборот-кутубхона ресурсларидан фойдаланишни таъминлаш;

фойдаланувчиларнинг интеллектуал, маънавий-ахлоқий, маданий ва таълим олиш эҳтиёжларини қаноатлантириш учун шарт-шароитлар яратиш;

миллий маданиятни тиклашга ва янада ривожлантиришга кўмаклашиш, Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини сақлаш;

ахборот-коммуникация технологиялари асосида ахборот-кутубхона ресурсларидан ўзаро фойдаланишни таъминлаш.

2-боб. Ахборот-кутубхона фаолияти соҳасининг давлат томонидан тартибга солиниши

 

5-модда. Ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги давлат бошқаруви

Ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги давлат бошқаруви Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва у ахборот-кутубхона соҳасида махсус ваколат берилган давлат органи (бундан буён матнда махсус ваколатли давлат органи деб юритилади) томонидан амалга оширилади.

6-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминлайди;

ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги давлат дастурларини тасдиқлайди;

ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилади;

ахборот-кутубхона муассасаларини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тартибини белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириш мумкин.

7-модда. Махсус ваколатли давлат органи

Махсус ваколатли давлат органи:

ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги давлат сиёсатининг амалга оширилишида иштирок этади;

ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятини мувофиқлаштиради:

ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва норматив ҳужжатларни ишлаб чиқади ҳамда қабул қилади;

ахборот-кутубхона ресурсларини ноёб ва алоҳида қимматли ахборот-кутубхона ресурслари сирасига киритиш тартибини, шунингдек уларни сақлаш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди;

ахборот-кутубхона фаолияти соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакаси оширишни ташкил этади;

ахборот-кутубхона муассасаларининг ҳисобини юритади;

йиғма электрон катологни шакллантириш ва юритиш тартибини тасдиқлайди.

Махсус ваколатли давлат органи қонун ҳужжатларига мувофиқ  бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

8-модда. Ахборот-кутубхона муассасаларининг давлат томонидан қўллаб-қувватлаш

Ахборот-кутубхона муассасаларининг давлат томонидан қўллаб-қувватлаш:

уларнинг молиявий ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;

ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантиришга инвестициялар жалб этиш;

ахборот-кутубхона фаолиятини амалга оширишда солиқ имтиёзлари ва бошқа имтиёзларни белгилаш орқали амалга оширилади.

3-боб. Ахборот-кутубхона тизими

9-модда.  Ахборот-кутубхона тизими ҳамда ахборот-кутубхона муассасаларининг турлари

Ахборот-кутубхона тизими ягона ташкилий ва услубий таъминот асосида фаолият кўрсатувчи ахборот-кутубхона муассасалари мажмуидир.

          Ахборот-кутубхона муассасаси мустақил муассаса бўлиши ёхуд корхона, муассаса ёки ташкилотнинг таркибий бўлинмаси бўлиши мумкин.

          Ахборот-кутубхона муассасаларига қуйидагилар киради:

          Ўзбекистон Миллий кутубхонаси;

          ахборот-кутубхона марказлари;

          ахборот-ресурс марказлари;

          давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг кутубхоналари;

          бошқа кутубхоналар (фуқаролар ўзини-ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг, тижорат ташкилотларининг кутубхоналари).

          Ахборот-кутубхона муассасалари ахборот-кутубхона фондларининг мазмуни ва белгиланган мақсадига кўра универсал ҳамда махсус ахборот-кутубхона муассасаларига бўлинади.

          Универсал ахборот-кутубхона муассасалари ахборот-кутубхона фондларини билимнинг турли соҳалари бўйича шакллантиради ва турли тоифадаги фойдаланувчиларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжларини қаноатлантиради.

          Махсус ахборот-кутубхона муассасалари ахборот-кутубхона фондларини билимнинг бир ёки бир неча турдош соҳалари бўйича шакллантиради ва айрим тоифадаги фойдаланувчиларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжларини қаноатлантиради.

10-модда. Ўзбекистон Миллий кутубхонаси

          Ўзбекистон Миллий кутубхонаси миллий ва жаҳон маданиятини, фани ва таълимини ривожлантириш манфаатларини кўзлаган ҳолда Ўзбекистон Республикасида ахборот-кутубхона фаолиятини ташкил этувчи ҳамда амалга оширувчи умумдавлат универсал ахборот-кутубхона муассасасидир.

          Ўзбекистон Миллий кутубхонаси:      ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

           ахборот-кутубхона фондини шакллантиради, унинг бут сақланишини таъминлайди ҳамда фойдаланувчиларга миллий ва хорижий нашрларнинг энг тўлиқ тўпламини тақдим этади;

          Ўзбекистон Республикасида чиқариладиган нашрларнинг мажбурий нусхасини, шунингдек диссертацияларнинг кўчирма нусхасини олади;

          Ўзбекистон Республикасида чиқариладиган нашрларнинг давлат библиографик ҳисобини юритади;

          электрон кутубхона ва электрон каталогни шакллантиради;

          кутубхонашунослик, библиографияшунослик ва китобшунослик соҳасида илмий-тадқиқот ҳамда илмий-услубий фаолиятни амалга оширади ва мувофиқлаштиради;

          ноёб ва алоҳида қимматли ахборот-кутубхона ресурсларини бут сақлаш, консервациялаш ва реставрация қилиш бўйича ишларни амалга оширади;

          йиғма электрон каталогни шакллантиради ва юритади;

          ахборот-кутубхона ресурсларидан ўзаро фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратади;

          бошқа ахборот-кутубхона муассасалари билан ҳамкорликни амалга оширади.

          Ўзбекистон Миллий кутубхонаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

          Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг ахборот-кутубхона фонди давлат мулкидир.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

11-модда. Ахборот-кутубхона марказлари

Ахборот-кутубхона марказлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ахборот-кутубхона фаолиятини ташкил этувчи ҳамда амалга оширувчи универсал ахборот-кутубхона муассасаларидир.

Ахборот-кутубхона марказлари:

ахборот-кутубхона фондини шакллантиради ва бут сақлашини таъминлайди;

электрон кутубхона ва электрон каталогни шакллантиради;

тегишли ҳудудда чиқариладиган нашрларнинг мажбурий нусхасини олади;

библиографик, илмий-услубий ва маданий-маърифий ишларни бажаради;

тегишли ҳудудда ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятини мувофиқлаштиради ва уларни ташкилий-услубий жиҳатдан таъминлашни амалга оширади;

йиғма электрон каталогни шакллантиришда иштирок этади;

ахборот-кутубхона ресурсларидан ўзаро фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратади;

бошқа ахборот-кутубхона муассасалари билан ҳамкорликни амалга оширади;

тегишли ҳудудда ахборот-кутубхона муассасаларининг депозитар сақланадиган ахборот-кутубхона ресурсларини тўплашни амалга оширади ва унинг ҳисобини юритади.

Ахборот-кутубхона марказлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Ахборот-кутубхона марказларининг ахборот-кутубхона фонди давлат мулкидир.

Ахборот-кутубхона маркази тўғрисидаги намунавий низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

12-модда. Ахборот-ресурс марказлари

Ахборот-ресурс марказлари давлат таълим муассасалари ҳузурида ташкил этилган, ўқувчи ёшларнинг, шунингдек аҳолининг ахборотга бўлган эҳтиёжларини қаноатлантиришга қаратилган ахборот-кутубхона фаолиятини амалга оширувчи универсал ахборот-кутубхона муассасаларидир.

Ахборот-ресурс марказлари:

таълим муассасаларининг ихтисослашувига мувофиқ асосан илмий-таълимга оид мазмундаги ахборот-кутубхона фондини шакллантиради ва унинг бут сақланишини таъминлайди;

электрон кутубхона ва электрон  каталогни шакллантиради;

шахснинг маънавий бой ва  баркамол ижодий ўсиши учун имкониятлар яратган ҳолда ўзидаги ва ўзидан узоқдаги ахборот-кутубхона ресурсларидан фойдаланиш асосида Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросидан фойдаланувчиларни баҳраманд этади;

ахборот-кутубхона ресурсларидан ўзаро фойдаланишни таъминлайди;

бошқа ахборот-кутубхона муассасалари билан ҳамкорликни амалга оширади;

йиғма электрон каталогни шакллантиришда иштирок этади;

маданий, таълим, ахборот дастурлари ва лойиҳаларини ҳамда бошқа дастурлар ва лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш учун таълим, илмий муассасалар ва архивлар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, миллий маданият марказлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантиради.

Ахборот-ресурс марказлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Ахборот-ресурс марказларининг ахборот-кутубхона фонди давлат мулкидир.

Ахборот-ресурс маркази тўғрисидаги намунавий низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

13-модда. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг кутубхоналари

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг кутубхоналари қонун ҳужжатларида белгиланадиган тартибда ахборот-кутубхона фаолиятини амалга оширувчи махсус ахборот-кутубхона муассасаларидир.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг кутубхоналари:

ахборот-кутубхона фондини шакллантиради ва унинг бут сақланишини таъминлайди;

электрон кутубхона ва электрон каталогни шакллантиради;

ахборот-кутубхона ресурсларидан ўзаро фойдаланишни таъминлайди;

бошқа ахборот-кутубхона муассасалари билан ҳамкорликни амалга оширади;

йиғма электрон каталогни шакллантиришда иштирок этади.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари кутубхоналарининг ахборот-кутубхона фонди давлат мулкидир.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг кутубхоналари тўғрисидаги низомлар ушбу органларнинг раҳбарлари томонидан тасдиқланади.

 

14-модда. Бошқа кутубхоналар

Бошқа кутубхоналар ўз муассасалари томонидан белгиланадиган тартибда ахборот-кутубхона фаолиятини амалга оширувчи универсал ёки махсус ахборот-кутубхона муассасаларидир.

Бошқа кутубхоналар:

ахборот-кутубхона фондини шакллантиради ва унинг  бут сақланишини таъминлайди;

электрон кутубхона ва электрон каталогни шакллантиради;

ахборот-кутубхона ресурсларидан ўзаро фойдаланишни таъминлайди;

бошқа ахборот-кутубхона муассасалари билан ҳамкорликни амалга оширади;

йиғма электрон каталогни шакллантиришда иштирок этади.

Бошқа кутубхоналарнинг ахборот-кутубхона фонди уларнинг муассасалари мулкидир.

Бошқа кутубхоналар тўғрисидаги низомлар уларнинг муассасалари томонидан тасдиқланади.

15-модда. Ахборот-кутубхона муассасалари ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш

Ахборот-кутубхона муассасаларини ташкил этиш, қайта ташкил этиш      ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширади.

4-боб. Ахборот-кутубхона фонди

16-модда. Ахборот-кутубхона фондини шакллантириш

Ахборот-кутубхона фондини шакллантириш ахборот-кутубхона муассасаларининг мақсадлари ва вазифаларига мувофиқ уни жамлаш, ҳисобга олиш, ишловдан ўтказиш, жойлаштириш ва сақлаш орқали амалга оширилади.

17-модда. Ахборот-кутубхона фондини жамлаш

Ахборот-кутубхона фонди нашрларини ва бошқа ахборот-кутубхона ресурсларини сотиб олиш, уларга обуна бўлиш, уларни айирбошлаш, текинга олиш, шу жумладан ҳадяга олиш ҳисобига жамланади.

18-модда. Ахборот-кутубхона фондини ҳисобга олиш, ишловдан ўтказиш, жойлаштириш, сақлаш ва ундан фойдаланиш

Ахборот-кутубхона фондини ҳисобга олиш, ишловдан ўтказиш, жойлаштириш, сақлаш ва ундан фойдаланиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ахборот-кутубхона фондининг нашрлар мажбурий нусхасини олиш ҳисобга жамланадиган, шунингдек ноёб ва алоҳида қимматли ахборот-кутубхона ресурсларини ўз ичига олган қисми миллий маданий бойлик бўлиб, моддий маънавий мерос объекти сифатида сақланади.

Ахборот-кутубхона муассасаларининг моддий техника таъминоти ёмонлашувига, уларни меҳнатини муҳофаза қилиш талабларига, ахборот-кутубхона фондини сақлаш нормалари ва шарт-шароитларига мос келмайдиган биноларга кўчиришга йўл қўйилмайди.

5-боб. Фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

19-модда. Фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари

Фойдаланувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ахборот-кутубхона муассасаларига кириш ва ахборот-кутубхона ресурсларидан фойдаланиш;

ўз эҳтиёжларига мос тарзда ахборотни эркин танлаб олиш;

кўрсатиладиган хизматларнинг, шу жумладан пуллик хизматларнинг рўйхати ҳамда уларнинг кўрсатиш шартлари ҳақида ахборот олиш;

сўралаётган ахборот-кутубхона ресурслари мавжудлиги ҳақида ахборот олиш.

Фойдаланувчилар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

20-модда. Фойдаланувчиларнинг мажбуриятлари

 Фойдаланувчилар:

ахборот-кутубхона муассасаларида фойдаланиш қоидаларига риоя этиш;

ахборот-кутубхона ресурсларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиши, уларнинг йўқолишига ёки бузилишига йўл қўймаслиги, зарар етказилган тақдирда эса белгиланган тартибда унинг ўрнини қоплаши;

ахборот-кутубхона муассасалари ишининг сифатини пасайтиришга қаратилган хатти-ҳаракатлар қилмаслиги шарт.

Фойдаланувчилар зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

21-модда. Жисмоний имкониятлари чекланган фойдаланувчиларга ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш

Жисмоний имкониятлари чекланган фойдаланувчиларга ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш ахборот-кутубхона муассасаларида махсус техника воситаларидан фойдаланган ҳолда ахборот ёзилган махсус жисмларда ахборот-кутубхона ресурсларини тақдим этиш орқали амалга оширилади.

6-боб. Ахборот-кутубхона муассасаларини молиялаштириш. Ахборот-кутубхона муассасаларининг бирлашмалари. Халқаро ҳамкорлик

 

22-модда. Ахборот-кутубхона муассасаларини молиялаштириш

Ахборот-кутубхона муассасаларини молиялаштириш қуйидагилар ҳисобидан амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари;

пулли хизматлар кўрсатишдан олинадиган маблағлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

23-модда. Ахборот-кутубхона муассасаларининг бирлашмалари

Ахборот-кутубхона муассасалари ахборот-кутубхона фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек умумий манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш мақсадида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бирлашмалар тузиши мумкин.

Ахборот-кутубхона муассасаларининг бирлашмалари:

ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашади;

ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлайди;

ахборот-кутубхона муассасалари кадрларни қайта таёйрлаш ва малакаси оширишни ташкил этишда иштирок этади.

Ахборот-кутубхона муассасаларининг бирлашмалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

24-модда. Ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги халқаро ҳамкорлик

Ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги халқаро ҳамкорлик Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.

7-боб. Якунловчи қоидалар

 

25-модда. Низоларни ҳал этиш

Ахборот-кутубхона фаолияти соҳасида юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

26-модда. Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

27-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишлари таъминлансин.

28-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикасининг

Президенти                                                       И.Каримов

Тошкент шаҳри,

2011 йил 13 апрель

№ ЎРҚ – 280

 

Comments are closed, but trackbacks and pingbacks are open.