Хуш келибсан ўлкамизга, Наврўз” мавзусидаги оммавий тадбир ўтказилди

527

        Баҳор фаслини бежизга фасллар келинчаги дейишмайди! Келинчак бир оилани гуллатиб яшнатса, Баҳор фасли эса бутун борлиқни. Ҳеч эътибор берганмисиз? Баҳор фасли кириб келиши билан нафақат табиат, балки, бутун борлиқ, жамики тирикжон жонланади. Инсонлар қалбида қандайдир жўшқинлик мавж уради. Атроф таърифлашга тил ожиз ҳолатда гўзалликка бўрканади. Баҳор фасли ҳақида қанча гапирсак шунча оз, яна Баҳор фасли байрамларга бой фасл. Шукуҳли бу кунларда эса юртимизда Наврўз умумхалқ байрами кенг нишонланади. Наврўз сайлидан қайтаётган деҳқону боғбонлар дала томон ошиқар экан, “Қадаминг қутлуғ келсин, Наврўз”, дея ният қилишади. Наврўз-бунёдкорлик, бирдамлик ва ризқ-рўз байрамидир. “Наврўз” байрамига ҳам мана оз фурсат қолди. Юртимизда байрам шодиёнаси. Ўлкамизнинг барча ҳудудларида Наврўз байрами кенг нишонланади. Жорий йилнинг 15 март куни Навоий вилоят Ахборот-ресурс марказида ҳам Наврўз айёми муносабати билан “Фарҳод”, “Мирсаид Баҳром”, “Алишер Навоий”, “Гулобод”, “Кўҳна қўрғон”, “Бешкент” маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда “Хуш келибсан ўлкамизга, Наврўз” мавзусида оммавий тадбир ўтказилди. Тадбирни кириш сўзи билан вилоят Ахборот-ресурс маркази директори Р.Ризаева очиб берди. Тадбир давомида вилоят Ахборот-ресурс маркази ходимлари ҳамда фаол китобхонлар томонидан “Баҳор” рақси, баҳорни мадҳ этувчи кўй-қўшиқлар, шеърлар ижро этилди. Вилоят Ахборот-ресурс маркази фаол китобхони Ғайбуллаева Шахина дуторда “Тулпор”, “Лола” куйларини ижро этди. Кармана туман 5-мактабгача таълим муассасасининг жажжи кичкинтойлари томонидан рақс ижро этилди. Шундан сўнг Кармана туман “Ғунча” фольклёр болалар намунали ансамбли томонидан миллий кўй ва қўшиқлар ижро этилди. Тадбир қизиқарли ва шодиёналарга бой тарзда ўтди.

Comments are closed, but trackbacks and pingbacks are open.