“Улуғ Шоирга Юксак Эҳтиром” Мавзусида Давра Суҳбати Ўтказилди

337

9-февралъ ҳамда 14-февралъ буюк бобокалонларимиз таваллуд топган кун юртимизда кенг нишонланиб келинмоқда. Неча аср ўтса ҳамки ушбу улуғ инсонларимиз қадри тобора ортиб келмоқда. Улуғ мутафаккир, сўз мулкининг султони Алишер Навоийнинг бой маънавий мероси асрлар оша бутун башариятни ҳайратга солиб, инсонлар қалбига, онгу шуурига эзгулик, инсонпарварлик, саховат, меҳр-мурувват зиёсини таратиб келмоқда. Мамлакатимизда улуғ бобокалонимизга эҳтиром кўрсатиш, асарларини ўрганиш, уни дунёда кенг тарғиб этишга доимий эътибор қаратилмоқда.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ўрта аср Шарқ маданияти, адабиёти ва шеъриятида ўзига хос ўрин эгаллаган адиб, шоир, олим бўлиш билан бирга йирик давлат арбоби ва саркарда ҳамдир. Бобур кенг дунё қараши ва мукаммал ақл-заковати билан Ҳиндистонда Бобурийлар сулоласига асос солиб, бу мамлакат тарихида давлат арбоби сифатида номи қолган бўлса, сержило ўзбек тилида ёзилган «Бобурнома» асари билан жаҳоннинг машҳур тарих навис олимлари қаторидан ҳам жой олди. Унинг нафис ғазал ва рубоийлари туркий шеъриятининг энг нодир дурдоналари бўлиб, «Мубаййин» («Баён этилган»), «Хатги Бобурий», «Ҳарбиши», Аруз ҳақидаги рисолалари эса ислом қонуншунослиги, шеърият ва тил назарияси соҳаларига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди.

2020 йил 14-февраль куни Вилоят Болалар кутубхонаси ҳамда Кармана туман 15-умумтаълим мактаби билан ҳамкорликда “Улуғ шоирга юксак эҳтиром” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Давра суҳбатини мактаб она тили ва адабиёт ўқитувчиси Шаҳноза Сафарова ўзларининг Буюк давлат арбоби Алишер Навоий ҳамда шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақидаги фикрлари билан очиб берди. Шундан сўнг вилоят болалар кутубхонаси ходими Н. Нарзуллаева иштирокчи ўқувчилар билан Алишер Навоий ва Захириддин Муҳаммад Бобур ҳақида ўзаро савол жавоб тарзида суҳбат олиб борди. Давра суҳбати орқали ўқувчилар ўзларининг қанчалик кўп маълумотга эга эканликлари, аждодларимиз орқали жуда ҳам фахрланишларини, уларнинг издошлари бўлишдек ҳаракатда бўлишларини кўрсатдилар. Улар томонидан айтилган ғазал ва рубоийлар даврага янада файз киритди. Ушбу давра суҳбатига жами 28 нафар иштирокчи қатнашди.

 

Comments are closed.