“Кулгуларинг оламни тутсин, болажон!” мавзусида байрам эрталиги ўтказилди

432

       Ёш авлодни жисмонан соғлом, маънан етук, ҳар жиҳатдан баркамол этиб тарбиялаш халқимизга хос азалий фазилатлардандир. Ҳаёт деб аталувчи буюк воқелик ҳақида, унинг абадийлиги ҳақида мушоҳада қилсак, ўйимизда, шубҳасиз, бола гавдаланади. Зеро, ҳаёт бир занжир бўлса, болалар-унинг халқалари, ҳаёт бир шода бўлса, бола унинг дуру гавҳаридир. Ҳар йили ёзнинг биринчи кунида бутун дунёда болаларни ҳимоя қилиш куни кенг нишонланади. Аслида болаларни ҳар доим, ҳамиша ҳимоя қилишимиз керак. Болалари соғлом юртнинг келажаги ҳам қудратли ва порлоқ бўлади. Болалар бугунимиз ва келажагимизни боғловчи салоҳиятли кучдир.

        1-июнь Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан 2019 йил 30-май куни Кармана туман Алишер Навоий маҳалласи билан ҳамкорликда “Кулгуларинг оламни тутсин, болажон!” мавзусида байрам эрталиги   ўтказилди. Тадбирни вилоят ахборот-ресурс маркази директор ўринбосари Ш.Боқиева кириш сўзи билан очиб болажонларни байрам билан табриклади. Тадбирда Кармана туман Оила маркази раҳбари Г.Жалилова, Кармана туман маҳаллар кенгаши раис ўринбосари Х.Акрамова, Алишер Навоий маҳалла мутахассиси Р.Зиядуллаева болажонларни байрам билан табрикладилар. Кармана туман Оила маркази раҳбари Г.Жалилова болажонларга қизиқарли китоблар, Алишер Навоий маҳалла мутахассиси Р.Зиядуллаева ширинликлар вилоят ахборот-ресурс маркази ходимлари томонидан музқаймоқлар улашилди. Тадбирда Навоий вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармасига қарашли Гимнастика ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби ўқувчилари гимнастика чиқишлари, 2-сон “Лола” МТМ тарбияланувчилари шеърлар, жозибали рақслари билан даврага файз қўшди. Вилоят ахборот-ресурс маркази фаол китобхонлари ҳамда “Китобхонлар клуби” аъзолари  томонидан шеърлар, жозибали рақслар қизиқарли ўйинлар,  скрипка, тавлак, дуторда куйлар билан чиқишлари  билан барчани хушнуд этдилар. Тадбирда 95 нафар аҳоли ҳамда ўқувчилар  иштирок этди.

 

Comments are closed, but trackbacks and pingbacks are open.