2-апрел Халқаро болалар китоблари куни муносабати билан

618

         2019 йил 2 апрель куни Навоий вилоят Ахборот-ресурс марказимизда ҳам “Фарзандимга китоб совға қиламан” жамоатчилик тадбири, “Бир фарзандга уч-китоб” акцияси, “Мактаб-кутубхона-оила-жамоат” хайрия марафони ташкил этилди. Мазкур тадбирда туман, шаҳар Ахборот-ресурс маркази ходимлари, мактаб кутубхоначилари, шаҳримиз ёзувчи ва шоирлари, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Навоий вилоят Кенгаши, Ёзувчилар уюшмаси, вилоят Матбуот ва ахборот бошқармаси, Кармана туман МФЙлари, Кармана туман 1-умумтаълим мактаб ўқувчилари ҳамда фаол китобхонлар қатнашдилар. Тадбир меҳмонларини Кармана туман маданият марказида жойлашган “Доирачилар” ансамбли доира садолари остида кутиб олишди. Тадбирни вилоят Ахборот-ресурс маркази директори Р.Ризаева кириш сўзи билан очиб, тадбир иштирокчиларини байрам билан табриклади.

     Тадбирда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Навоий вилоят кенгаши “Аёллар қаноти” раҳбари Д.Каттаева китоб  инсонни  доимо  яхшиликка  бошловчи, эзгуликлар калити, ҳамиша одамийликни  тарғиб қилувчи асосий  воситалардан бири ҳисобланиши, айниқса, босма китобдан таралаётган ва электрон нашрдан топиб бўлмайдиган ўзига хос ёқимли ҳидни туйиб, варақлаш асносида мўъжизавий саҳифаларнинг сирли шитирлашидан кўнгил чексиз завққа тўлган ҳолда китоб мутолаа қилиш, унинг мазмуни ҳақида тенгдошлар билан фикрлашишнинг ҳузур-ҳаловати тамоман ўзгачалиги тўғрисида сўз юритди. Вилоят Матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Б.Тошназаров китоб ўқиш китобхонннинг кундалик эҳтиёжига айланган тақдирдагина унинг қалбида яхшилик, эзгулик уруғи униб чиқиб, уни маънавий шакллантириши тўғрисида фикр билдирди.

        Шундан сўнг Кармана туман 1-умумтаълим мактаби ўқувчилари,   5-МТМ тарбияланувчилари, вилоят Ахборот-ресурс марказининг фаол китобхонлари, Кармана туман “Ғунча” болалар намунали жамоаси томонидан тайёрланган байрам дастури намойиш этилди. Вилоят Ахборот-ресурс марказининг ходимлари томонидан тайёрланган саҳна кўриниши ҳамда шеър-қўшиқлар давра кўркига файз қўшди.

      Ҳамма нарса болаликдан бошланади. Китобга меҳр болаликдан, мактабдан, оиладан бошланмоғи лозим. Инсон ҳавосиз, сувсиз, нонсиз яшай олмаганидек, китобсиз ҳам умр кечиролмайди. Бадиий адабиётнинг инсон маънавий дунёсига таъсири бениҳоя катта. Адабиёт қалбни тарбиялайди. Адабиётга ошно инсоннинг дили меҳр-муҳаббатга тўлиқ бўлади. Адабиёт инсонни курашга, юксак мақсадлар билан яшашга, халқпарвар, ватанпарвар бўлишга ундайди. Китоб ўқувчига беқиёс маънавий завқ бериш билан бирга, унда ёзма нутқ кўникмасини шакллантиради. Ёзиш инсонга берадиган ҳузур эса китоб ўқилганда туйилган маънавий ҳузурдан бир неча баробар ортиқдир. Китоб инсонни юксак ижодкорлик сари етаклайди. Китоб билан ошно киши ҳаётда ҳар қандай қийинчилик ва муаммоларни тўғри ҳал эта олади. Шунинг учун ҳам доноларимиз китоб инсоннинг энг яқин дўсти дейдилар.

  “Мактаб-кутубхона-оила-жамоат-ташкилотлари” хайрия тадбирида “Ўзкитоб савдо” давлат акциядорлик жамиятига қарашли китоб дўкони томонидан китоб савдоси ташкил этилди. Хайрия тадбирида ота-оналар, китобхонлар, ҳамкор ташкилотлар, ВАРМ ходимлари томонидан  65 дона адабиётлар харид қилиниб, ВАРМ фондини бойитдилар. Тадбирда 120 дан ортиқ томошабин қатнашди. Тадбир сўнгида ВАРМ фаол китобхонлари “Ташаккурнома” билан тақдирланди.

Comments are closed, but trackbacks and pingbacks are open.